BIMUz AI ёрдамчиси
Revit ичида ён панел очилади. Унда BIMUz буйруқлари, Revit ва очиқ модел бўйича ўз тилингизда савол бериш мумкин. Ёрдамчи BIMUz йўриқномасига таяниб жавоб беради. Танланган элементлар, сатҳлар ва актив вид ҳақидаги маълумотни ҳам ҳисобга олади. Сўралса, ўқлар, колонналар ва колонна арматурасини BIMUz буйруқлари орқали ўзи яратади — фақат «Бажариш» тугмаси босилгандан кейин.
Олдиндан тайёрлаш
- Плагин қатъий равишда ADSK шаблонида ишлайди: лойиҳа ADSK шаблони асосида яратилган, ADSK параметрлари, оилалари ва жадваллари мавжуд бўлиши шарт. Бошқа шаблонда натижа нотўғри чиқиши ёки буйруқ ишламаслиги мумкин.
- Фаол BIMUz лицензияси ёки синов муддати бўлиши керак.
- Компьютерда интернет бўлиши керак: саволлар license.bimuz.uz сервери орқали юборилади.
Ишлаш тартиби
BIMUz лентасидаги «Бўлимлар» панелида «BIMUz AI» тугмасини босинг. Ўнг томонда панел очилади. Тугмани яна боссангиз, панел ёпилади.
Модел ҳақида сўрамоқчи бўлсангиз, аввал керакли элементларни танланг. Масалан, колонна ёки арматура.
Саволни пастдаги майдонга ёзинг ва Enter ёки «Юбориш» ни босинг. Shift+Enter янги қатор очади.
Ёрдамчи буйруқ ҳам бажара олади: «1–5 ва А–Г ўқларини 6 метр қадам билан қўй», «ўқ кесишмаларига 400×400 колонна қўй», «янги колонналарни Ø25 билан арматурала». Жавобда режа ва «Бажариш» / «Бекор қилиш» тугмалари чиқади. «Бажариш» босилмагунча модел ўзгармайди. Амаллар BIMUz буйруқлари («Ўқлар ва сатҳлар», «Колонна арматуралаш») орқали бажарилади ва Ctrl+Z билан қайтарилади.
Стандарт моделлаштириш ва таҳрирлаш ҳам мумкин: сатҳларни керакли баландликка келтириш («3300 қадам билан 4 та сатҳ»), балкалар («2 ва 3-қаватга 300×600 балка»), перекрытие ва фундамент плиталари («ҳар қаватга 200 мм плита»), деворлар («ташқи контур бўйича 300 мм девор»), устун ости фундаментлари, элементларни кўчириш, нусхалаш, буриш, кўзгу, массив ва ўчириш. Revit'нинг «Выровнять», «Обрезать/удлинить», «Разделить» каби асбобларини ҳам ишга туширади. Қолган BIMUz буйруқлари учун агент керакли элементларни танлаб, буйруқ ойнасини очади.
Жавоб панелда чиқади. Матнни белгилаб нусха олиш мумкин. Давомий савол беришингиз мумкин: ёрдамчи суҳбатни эслаб қолади. Мавзу ўзгарса, «Янги суҳбат» ни босинг.
Созламалар
Панел
| Майдон | Тавсиф |
|---|---|
| Модел маълумотини қўшиш | Ёқиқ бўлса, саволга лойиҳа номи, актив вид, сатҳлар, категориялар бўйича элементлар сони, танланган элементлар (тури, сатҳи, асосий параметрлари, арматура диаметри ва узунлиги) ва Revit огоҳлантиришлари қўшилади. Ўчиқ бўлса, фақат BIMUz ва Revit бўйича умумий жавоб берилади. |
Лимит
| Майдон | Тавсиф |
|---|---|
| Кунлик саволлар | Битта лицензия учун кунига: оддий обунада 20 та, Pro обунада 200 та, синов муддатида 10 та савол. Қолган саволлар сони ҳар жавобдан кейин панел пастида кўрсатилади. Ҳисоб Тошкент вақти билан ярим тунда янгиланади. |
Натижа
- Ёрдамчи ўз тилингизда жавоб беради. Керак бўлса, лентадаги буйруқ номи ва бажариш тартибини ҳам айтади. Модел фақат режадаги «Бажариш» тугмаси босилганда ўзгаради.
Қоидалар ва маслаҳатлар
- Саволни аниқ ёзинг: қайси элемент, қайси буйруқ, нима чиқмаяпти. Масалан: «Колонна арматуралашда муфта нега қўйилмади?»
- Ўқлар бўйича колонна: Revit'да ўқларни танлаб «танланган ўқларга колонна қўй» десангиз, колонналар фақат шу ўқлар кесишмаларига қўйилади. Ўқ номлари лотин ёки кирилл ҳарфида (A/А) ва «1-ўқ», «ось А» кўринишида ҳам тушунилади; номаълум ўқ айтилса — хато чиқади, колонналар ҳамма ўқларга қўйилмайди. «faqat А1, Б3 dagi kolonnalar qolsin, qolganini o'chir» — айтилган кесишмалардаги колонналар қолади (бироз силжиганлари ҳам), қолганлари битта Ctrl+Z қадамида ўчирилади.
- Арматуралаш амалларида янги имкониятлар: битта узлуксиз балка учун уланиш жойлари («юқори стерженларни 4500 ва 10200 мм да улаш»), подвал девори вертикаллари тепасини ригел/плитага ташқарига қайириш ва колонна орқали бир чизиқдаги деворлар горизонталларини улаш.
- Нормалардан келтирилган рақамларни лойиҳада албатта текширинг. Ёрдамчи хато қилиши мумкин.
- Плагинда хато топсангиз, «Фикр билдириш» тугмаси орқали ишлаб чиқувчига юборинг.
Revit'да BIMUz тугмаси устида F1 босилса, шу саҳифа очилади.